(Четдаги) Университетни қандай танлаш керак? 1-қисм
Бир неча ой олдин Твиттерда университетларнинг халқаро рейтинг жадваллари ҳақида танқидий фикр билдирганимда, ўқувчилардан бири "Рейтингларга ишонмасак, университетни қандай танлайлик?" маъносида савол берган эди. Бошқаларга ҳам фойдали бўлар деб, бу саволга шу ерда жавоб берсам. Ёзувда ўзимнинг чет элдаги талаба сифатида бошимдан ўтганларни мисол қилиб келтираман 😊
Университет танлаш—ниҳоятда мураккаб масала. Бир қанча омилларни ҳисобга олиш керак. Ўзимнинг тажрибам (уч давлатда—Ўзбекистон, Англия, Японияда—талаба бўлганман) ва Англиядаги иш фаолиятимга асосланиб, уч муҳим омилни ажратган бўлардим. Бу учаласи ҳамиша энг муҳим омил бўлмаса-да, буларни ҳисобга олсангиз, катта эҳтимол билан пушаймон бўлмайсиз.
Бугунги қисмда, шуларнинг биринчиси ҳақида гаплашамиз:
1. Ўз қизиқишингиз. Энг муҳим омил—ўзингизга қизиқ соҳа ёки илмий иш мавзусини танланг. Ҳамма ҳам шундай қилмайди—баъзилар шунчаки пайтдан фойдаланиш учун, яна кимдир стипендия борлиги учун ўзларига умуман қизиқ бўлмаган, ёки яхши тасаввурга эга бўлмаган соҳаларни танлашади.
Албатта, ўқув программаси яхши бўлса, қизиқиш уйғониб, тортиб кетиш имконияти бўлади, аммо соҳа қизиқ бўлмаса, талаба битира олган ҳолда ҳам энг яхши натижаларга эришолмайди ва катта эҳтимол билан битиргач бошқа соҳа ё ишга ўтиб кетади.
Ҳаёт фалсафам—инсон ўзига қизиқ нарса билан шуғулланиши керак. Ўзи севган ишни инсон барибир яхши бажаради, катта эҳтимол билан йиллар давомида шуғулланиб, у ишнинг устаси бўла олади. Ишини пул топиш учун эмас, уни севгани учун бажарадиган инсон кўп ҳолларда охир-оқибат пул ва обрўга ҳам эришади.
Шу сабабдан, нима ўқишни танлашда ҳам айнан шундан бошлаш керак, фарзандларимизнинг қизиқишларини ҳурмат қилиб, уларни ривожлантиришга уринишимиз керак. Тўғри, ўқиш ҳамиша ҳам касбни белгиламайди, аммо ўзи севган соҳани танлай олган ёш албатта кўпинча ўзига қизиқ касбга эришиш учун кераклича ишончга ҳам эга бўлади.
Шахсан менга ўз қизиқишимни топиш учун бир неча йил керак бўлган. Бакалаврга киришдан олдин дипломат бўлишни орзу қилганман, шу сабабдан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига тайёрланиб, кирганман. Кейинчалик, ўзим ўқиган соҳада (халқаро муносабатлар) Англия ва Японияда магистратурада ўқиганман, аммо охир-оқибат менга академик фаолият, университетда ишлаш ёқишига амин бўлганман. Ҳозирда бошқа биронта касб ҳам менга бунчалик қизиқ эмас.
Эртанги қисмда университет танлашдаги иккинчи энг муҳим омил—ўқув программаси ҳақида гаплашамиз.
Яқинларингиз орасида четда ўқишни орзу қиладиган, ёки халқаро таълим соҳасига қизиқувчилар бўлса, бу ёзувни уларга ҳам юборинг