Ёсуман (хикоя)
Рассом Қўзибойнинг назарида, оламдаги инсонларнинг ҳаммаси ҳам яхши, пок ва самимийдир, лекин… уларнинг орасида қандайдир одамбашара ёсуманлар борки, шулар бузғунчилик қилади: кишилар орасига нифоқ солади, алоқаларини узади, ғийбатчилик қиладилар ва ўзлари бу қилиқларидан хурсанд бўлиб юрадилар. Қўзибой содда эди; ёши ўттиздан ўтган бўлса ҳам, узоғи йили Ленинград рассомчилик академиясини битириб келди. Уруш йилларида ота-онасидан айрилиб, етим болалар уйида тарбия топди, у ерда шайтонга чап берган муттаҳам билан ҳам, ётоқдаги чойшабу одеялларни ўғирлаб, хуфия пуллайдиган ўғри билан ҳам, кечаси эл ётгач, девор оша ҳамсояларнинг чорбоғига тушиб, ўрада сабзиси борми, қазилмай қолган картошкаси борми — каноп қопда орқалаб чиқиб, банкнинг қоровулига сотадиган ярамас билан ҳам ҳамтовоқ бўлишига қарамай, ўзининг болаларча содлалиги ва кўнгилчанлиги сақланиб қолган йигит эди. Ана шунинг учун у одамларнинг феъл-атворлари ҳар хил бўлишини ҳам, ниҳоят, кишилар орасига нифоқ солувчи «ёсуман»лардан бири — улар мавқеидаги фарқ, яшаш шароитидаги фарқ эканини ҳам тушунмас эди.
Рассомлар союзидан кеч чиққан Қўзибой йўлда ҳаваскор рассом дўстини учратиб, унинг машқларини кўргани уйига кирди; дўстиникидан соат ўн бирларда чикди. У кам ичар эди, шу сабабли бир стакан «оқ столовой» ҳам таъсир қилди, пиёда йўлга тушди. Икки хонали квартирасига етиб келгунича аллавақт бўлиб қолди. Қўнғироқни босди. Хотини Афруза эшикни очдию, ёш қизлардай қувонч билан:
— Суюнчи берасиз! Тўхтанг! — деди.
Қўзибой гангиб, зал томонга аланг-жаланг қарадд у ерда ҳеч кимни кўрмай, хотинини ўпмоқчи бўлди. Афруза тисланиб:
— Вой, уят бўлади! — деди.
Қўзибой эшикни ёпди-ю, унинг орқасида бекиниб турган ёшлик дўсти Худоёрни кўрди.
— Худоёр?! Э-э! Худоёр! — у пойафзалларга қоқилиб, барваста, гирдиғундан келган дўстини қучоқлай кетди. Кўтариб, ерга қўйди. Афтига тикилиб, яна: — Худоёр! Бу сенмисан, дўстим! — деди.
Худоёр мийиғида илжайиб турарди.
Залга ўтдилар. Қўзибой у ерда ҳам бир кишини учратди: у дўстининг ўзидек жуссадор хотини Норбиби эди.
— Э, Норбиби! Келинг, келин! Салом! — деди у қувончдан бақириб.
Ўтириб сўрашдилар. Қўзибой севинчдан энтика-энтика меҳмонларнинг ҳол-аҳволини сўради. Худоёр хотини ўтирган диван четидан жой олиб, чарчаган кишидек стол қиррасига ўмгагини тираб олди:
— Мана, — деди ўзини ўнглаб Худоёр. — Уйинггаям кеп қолдик! Норбиби қўярда-қўймай шаҳарга оборинг, жўрангизнинг уйини бир кўрай, деди, олиб келдим. Ҳозир отпускадаман.
— Дўстим, қачон келдиларинг! Ҳозирми?
— Ҳа, ҳозир поезддан тушдигу тўғри бу ёққа келавердик.
— Жуда яхши бўпти-да, бошимиз осмонга етди! Афруз, Афруза, қаердасан? — Қўзибой ошхона ёққа қараб, газнинг биғиллаб ёнаётганини эшитди. — Ҳа, чой қўйяпти! — деди ва столга кўз ташлаб, унда бир пачка шоколаддан бўлак нарсани кўрмади: ноқулай ўтириб қолгандек қимирлаб, қошларини чимирди, секин ўрнидан турди: ахир, ўзи хотини билан қишлоққа бориб, Худоёрларнинг уйига кириб қолгудек бўлса, дастурхонлари шунақа бўлармиди?! — Ҳозир, ҳозир! — дея у шошиб ошхонага ўтди. — Афруз, Афруз… ҳм, бу қандай бўлди энди?
Чойнакка қуруқ чой солаётган хотини унга кулимсираб қаради:
— Нима, нима бўлди?
— Ҳм, — Қўзибой чўнтакларига қўлини тиқиб, турган ерида бир айланди, томоғини қириб, ўқрайди: — Бу, столда ҳеч вақо йўқ-ку? Нима қилдик энди?
— Нима қилардик, ҳеч нарса, — деди хотини тушунмай.
— Йўқ, йўқ, ахир… ўзинг биласан-ку, биз борганда, улар қўйгани жой топишолмасди, бор нарсаларни олдимизга тўкиб ташларди.
Афруза бир оз ўйлади-да, синиқ кулди:
— Нима қипти, уларда бор, бизда йўқ, бўлганда қўярдик.
Қўзибой бошини орқага қилди:
— Гапинг тўғри! — деди таъкидлаб. — Уларда бор, бизда эса йўқ. Афруза, ақллисан-да! Шунга ақлим етмай, ҳайрон бўлиб турган эдим.
Афруза чойни дамлаб, газга қўйди. Қўзибой илдам одимлаб залга қайтди-да, яна чикди:
Давоми бор...
Ўқинг...Фақат йиғламанг!
🌺Sevimli kanal🌺
@kanal_55555