Силаи раҳм баракоти
“Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар” (Раъд сураси, 21-оят).
“Ким ризқи кенг, умри узун бўлишини хуш кўрса, қариндошлик алоқаларини боғласин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим Анас ибн Моликдан ривоят қилишган).
Силаи раҳм ҳақида кўп бор эшитганмиз, ўқиганмиз. Бироқ амалга келганда бироз беэътибормиз. Чунки бугун қариндошлар ўртасида борди-келдилар камайиб, фақат тўй-маърака ёки бирор йиғин бўлсагина, юз кўришиляпти. Оқибатда орадан меҳр кўтарилиб, қондошлик ришталарига дарз кетмоқда.
Агар ака-ука, опа-сингиллар, имкон бўлса, ҳафтада камида бир марта йиғилишса, бошқа қариндошлар билан ҳам ана шундай тез-тез бор-келди бўлса, унинг баракотини ҳаётимизда сезамиз. Уларни йўқлаш учун озгина ширинлик ёки икки дона нон бўлса, кифоя. Агар ҳиммат қилиб, бирор буюм қўшсангиз борми, жигарларингиз хурсандлигидан кўзларига ёш олиб алқашади.
Яқинда байрам арафасида ака-ука, опа-сингилларни, тоғаю амакиларни, холаю аммаларни, қуда-андаларни йўқлаб бордим. Кимгадир ширинлик, кимгадир жойнамоз, Қуръон совға қилдим. Бундан мамнун бўлиб, юзида қувонч ила дуо қилаётган яқинларимнинг дил-сўзлари ҳануз қулоғим остидан кетмайди. Бунинг ҳам ўзига яраша роҳати, лаззати борлигини 65 ёшга кириб билдим.
Қондошлар билан юзлашганда меҳр-оқибат тафтини ҳис этасан, суҳбатларда ўтган яқин инсонларни ёдга олиб, улар ҳақига дуолар қиласан. Шунинг ўзи ҳам қанчалик савобли эканини айтишнинг ҳожати йўқ.
Агар яқинларимиздан хабар олишга имкон топа олмасак, улар билан телефон орқали боғланиб, ҳол-авҳол сўрасак ёки ёрдамга муҳтож бўлса, пластик картасига озгина пул ташлаб қўйсак, катта савоб қилган бўламиз.
Халқимизда «Меҳр – кўзда», «Яхшиликнинг ўлчови йўқ», деган пурмаъно сўзлар бор. Албатта, булар бежиз айтилмаган. Шундай экан, ота-она, ака-ука, опа-сингил, қариндошлар, қўшниларга яхшилик қилиб, уларнинг дуоларини олиш пайида бўлайлик. Шунда дунёмиз учун ҳам, охиратимиз учун ҳам улуғ амал қилган бўламиз.
Бошқалар учун ҳам тавсия этиш орқали ажрга эга бўласиз!
Каналга уланиш ва обуна бўлиш учун ⤵️
↪️ @Kamtaruz