Бундан тўрт кун олдин, яъни 2024 йил 23 сентябр куни Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги 600-сонли қарори қабул қилинди.
Қарорда Бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров бошчилигидаги 15 нафар раҳбарлардан иборат Ишчи гуруҳига 2025 йил 1 мартга қадар Давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси юкланди.
Бу қарордан кейин пенсия ёши оширилармиш деган миш-мишлар ҳам тарқалди. Лекин қарасангиз, қарорнинг матнида бундай гап-сўзлар йўқ. Хўш, ўзи бу миш-мишларда ҳақиқат борми?
Ушбу ҳолатни Саидали Мухторалиев атрофлича тушунтириб берди.
Гап шундаки, 2024 йилнинг июль ойида Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан мамлакатдаги пенсия тизимини жиддий ислоҳ қилиш таклиф этилганди. Унда Ўзбекистондаги пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш ва эътибор беринг, пенсия тайинлаш шартларини ҳамда пенсия ёшини умр давомийлигига мос ҳолда қайта кўриб чиқиш тавсия қилинган эди.
Агентлик таҳлилларидаги Пенсия жамғармаси даромадларига нисбатан ҳаражатлар кескин ошиб бораётгани ҳамда борган сари давлат бюджетидан кўпроқ молиялаштириш юз бераётгани каби “ташвишли” маълумотлардан пенсия ёшини қайта кўриб чиқиш деганда, уни ошириш назарда тутилганини билиш мумкин.
Ошириш деганда, аёллар учун ҳозирги 55 ёшни масалан, 56 ёки 58 ёшга, эркаклар учун ҳозирги 60 ёшни мисол учун 63 ёки 65 ёшга ўзгартириш кабилар бўлиши мумкин.
Демак, миш-мишларда ҳақиқат бор.
Шахсан мен пенсия ёши оширилишига қаршиман. Бироқ, сайлов яқинлиги учун сиёсий партияларнинг сайловолди дастурларида бу масалага қандай ёндошилганига қизиқдим ва Халқ демократик партиясининг дастурида мана бу вазифа жой олганини кўрдим: ➖“пенсияни ёшини ўзгартирмасдан сақлаб қолиш бўйича сиёсатни давом эттириш”.
Демак, ХДП пенсия ёшининг оширилишига қарши ва бу албатта яхши. Лекин кўрамиз, партия бу позициясини баралла айта олармикан ва охиригача кураша олармикан?
Партиялар етакчилари сайловолди дебатларда бу мавзуга ҳам албатта тўхталишлари керак.
Adliya Vazirligi» каналига уланиш учун қуйидаги линкни босинг👇
https://t.me/joinchat/AAAAAE9AwQyIhTG1ZPaA-w