#Асардан_парча
“Ёғи йилтиллаган, икки юзи қип-қизил, мўйловини ҳадеб силаб қўяверадиган бақалоқ бир кас машинанинг кузовида туриб келтирилган пахталарни қабул қилар, ким пахта топшираётган бўлса, ундан исми-фамилиясини қайта-қайта сўраб, кўмир парчаси билан пахта тугилган бўзга катта-катта ҳарфларда “ Палончиева Пистонча “ деб ёзиб қўяр эди.
“ Хуш кампиршо, исм-фамилянгизни айтинг”.
Ойхол момо аёллар эрларининг исмлари билан фамилияга юрадилар деб тушунар эди. Шунинг учун ҳам у бир муддат жим қолди. Марҳум чолининг исмини айтишдан тортинди. Айтса, хурматсизлик қиладигандай туюлди унга. Чунки, кўз очиб кўриб, кўз юмиб кузатган чолининг исмини шу пайтга қадар бирор марта ҳам айтиб кўрмаган эди.
“ Отаси ” деган сўз “ Мардон “ деган сўздан улуғроқ ва қутлуғроқ эди. “ Отаси “ деган сўзни эрларига муҳаббат қўйган, бутун бир мамлакатдай рўзғорларини муқаддас бешик каби авайлаб тебратган аёллар бошқача айтадилар. Бундай аёллар “ Отаси “ деган муборак сўзга суяниб, улкан рўзғорларини кўтариб турадилар.
“ Ҳўв, кампиршо қулоқни бобойнинг олдига қоровул қилиб келдингизма? Исми-фамилянгизни айтинг, дедим ”.
“Ойхол бойвучча Раҳмонали чўпон қизи”.
“Вой бў! Замондан орқада қоб кетибсиз-ку, кампиршо! Исми-фамилияни бундай айтиш эскилик сарқитига киради. Айтганингиздай қилиб халтанинг устига ёзиш ҳам қийин. Ёзган тағдирдаям, каттароқ одамлардан биров-ярим кўриб қолса, бизга гап тегиши мумкин. Замонавий исми-фамилиянгизди айтинг. Тез бўнг”.
Бақалоқ одам атайлагандай қистаб қўймади. Ойхол момо исми-фамилияни айтиш жуда муҳим экан деб ўйлади. Э, майли айтса, айтади қўяди-да. Дарвоқе,,, ўзи исми-фамилия деганлари қандай айтилар эди... “Ойхолува Мардонбой...”
Бу гап Ойхол момонинг оғзидан чиқиши билан бақалоқ одам хохолаб кулиб юборди. Унинг икки юзи баттар қизғиш тусга кирди. Ҳатто шу пайтгача фақат бақрайиб турган мазмунсиз кўзларидан ёш ҳам чиқиб кетди. Одамзоднинг кўзлари бунчалар бебурд. Бошқа пайтда-ку майли-я, лекин, бировнинг устидан кулаётганда қуйилиб келаётган кўз ёшлар ким учун, нима учун?.. Шаккок ва кибор, қуп-қуруқ завқу-шавқни ҳўллаб қўйиш учунми?”.
✍️ Эшқобил ШУКУР, “Оқибат оқшоми” қиссасидан.
@Eshqobil_Shukur_ijodi