🖼ҚАДРИНГ БАЛАНД БЎЛСИН, ОНА ТИЛИМ!
🖌Ҳурматли ватандошлар!
Аввало, Сизларни Ўзбек тилимизнинг қадри, қиммати тикланган, ўз мақомига эга бўлганлигининг 35 йиллиги билан чин дилдан табриклайман!
Дунёдаги мавжуд 250 га яқин муомаладаги тилларнинг орасида халқимизга энг яқини албатта ўз тилимиз, ўзбек тилимиздир. Муболаға қилмаётган бўлсам, бугунги кунда Ер юзида 50 миллионга яқин аҳоли ўзбек тилида сўзлашади. 1989 йилнинг 21 октябрида мамлакатимизда “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши юрт мустақиллиги сари халқимизнинг қўйган илк, асосли ва йирик қадами, чинакам маънавий жасорати бўлган, десам адашмайман. Барча эзгуликлар тилдан бошланади, деганларидек, бутун бир халққа қилинган эзгулик ҳам тилимизга берилган мақомдан бошланган аслида.
Узоқ йиллар иккинчи даражали ҳисобланиб, камситилган ўзбек тилининг мақоми ушбу Қонунга биноан ҳуқуқий асосга эга бўлиб, миллат маънавияти, халқнинг руҳиятини, қадрини кўрсатадиган эътибор ва эҳтиром Давлат ҳимоясига олинди.
Давлат тили миллий давлатчиликнинг пойдеворидир. Ҳазрат Навоийнинг адабий мероси билан "Ўзимизники" деб мақтана олишимиз, Соҳибқироннинг юртдоши эканлигимизни исботлашимиз, Бобурмирзонинг назмини куйлашимиз учун ҳам тилимизга Давлат тили мақоми берилиши зарур эди.
Ўтган тарихан қисқа даврда бевосита Юртбошимиз ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари натижасида она тилимиз нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон миқёсида ҳам ўзининг муносиб ўрни ва мавқеига эга бўлиб бормоқда. Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган эзгу интилиш ва ҳаракатларимиз ҳал қилувчи босқичга кўтарилган шу азиз дамларда миллий ўзлигимиз, ғурур ва ифтихоримиз тимсоли бўлган она тилимиз беқиёс куч-қудрат ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Шу жиҳатдан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридаги улкан сиёсий саммит ва учрашувларда тилимиз баралла янграб, тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик воситасига айланиб бораётгани қалбларимизни ғурур ва ифтихорга тўлдиради. Мамлакатимизнинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлиб, Президентимиз ташаббуси билан мазкур ташкилотнинг "Алишер Навоий" номидаги халқаро мукофоти таъсис этилгани буюк аждодимиз хотираси ва бебаҳо меросига юксак ҳурмат-эҳтиром ифодаси бўлиши баробарида она тилимизнинг халқаро ҳамжамият томонидан “Навоий тили”, дея бежиз эътироф этилмаганлигининг амалий ифодасидир.
🎧 Қадрли юртдошлар!
Она тили бу мулоқот воситасигина эмас, халқнинг борлиги ва бирлиги рамзидир. У халқни бирлаштиради, она алласи билан қулоқларимизга кириб, устозларимиз каломлари жарангида илм бериб тарбиялайди, кексаларимиз ўгити орқали қадрият, урф-одат ва анъаналаримиз барҳаётлигини таъминлайди. Ўз тилини асраб-авайлаган халқ ўзлигини ҳам асраб-авайлаган бўлади.
Маърифатпарвар аллома ва ўз даврида ўнга яқин дунёвий тилларни пухта ўрганган олим Исҳоқхон Ибратнинг ушбу сўзларига эътибор қаратайлик: «Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат — бу ватаний ишдир».
Она тилимизни етишиб келаётган янги авлодимиз онгига, руҳига, маънавиятига сингдириш мақсадида таълимнинг барча босқичларида ўзбек тилини замонавий ва инновацион технологиялар асосида мукаммал ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Болаларимиз ўзбек тилида равон ўқиш, равон ёзиш ва теран фикрлашни ўрганиб улғайишлари миллатимиз учун ҳам, давлатимиз учун ҳам ниҳоятда муҳим.
Давлатбошимизнинг “Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим”, деган сўзлари ҳар доим ҳаммамизга дастуриламал бўлмоғи керак.
🖼 Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни яна бир бор Ўзбек тили байрами куни билан табриклайман.
Она тилимизнинг нуфузи, қадди ва қадри янада юксалиб бораверсин!
🖌Ҳурмат билан Нормат Турсунов, Навоий вилояти ҳокими, сенатор.
✅ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚДАГИ САҲИФАЛАРИМИЗГА ОБУНА БЎЛИНГ👇
🌐Instagram | ✅facebook | ✅telegram | 🌐web site |