Дарахтлардан тўкилди гуноҳ,
Тунни кўмиб қўйдим хатога.
Сен ўзингга тилама паноҳ-
Мен ўзимни солдим Худога.
Шундан ғусса топганим, ҳатто
ҳар эгасиз итдан қарзман.
Тинчи бузуқ, яланг йўлларда
кесими йўқ гапдай ғализман.
Бу шаҳарнинг кунгуралари
юрагимдай зирхланган қопқа,
Шеър ўқисанг хиёбонларда,
Майсалари ташлайди топтаб.
Ўйларингда мусофир ўйим-
Елдай беранг,
ёмғирдай беерк...
Кузнинг ғариб кечалари ҳам
сенсизликдай қийнар шеърсизлик.
Ўзгармайди кафтинг чизиғи,
Чизиғингдан чиқмоғинг душвор.
Ўтинаман,
ҳолим сўрама
ва ҳолимга қўймай... унутвор.
2021-йил
✍Рашид Хўжамов