Айнан шунинг учун ҳам Ҳамас майдонга чиқди ва 7 октябрдаги ҳужумни уюштирди.
Чунки фаластинликлар яна 100 йил кутса, бу орада ўзлари ўқиб-ўрганса, илмда даҳо бўлишса; атрофдаги Саудия, Миср, Иордания, Сурия ва Ливанда, сал наридаги Туркияда ҳатто ядро қуроли бўлса ҳам журъат топилмас экан, Фаластин Исроил истилосидан қутулолмайди.
Буни Ҳамас аниқ-тиниқ тушунди ва имкони етганича курашга кирди. Буни Ғарбий Қирғоқдагилар ҳам, Ғазода устига бомба ёғилаётганлар ҳам – умумий айтганда, Фаластин аҳолиси аниқ-тиниқ тушунди ва кучлар тенг бўлмаган вазиятда урушга кирган Ҳамасни лоақал биронта сўз билан айбламади. Чунки улар ҳарбий салоҳияти бўла туриб журъатсиз, қўрқоқ бўлган қўшни араб оғаларининг, узоқ-яқиндаги мусулмон биродарларининг ҳолатини 76 йилдан бери кўравериб, қандайдир катта марраларга эришиш ҳақида ўйламайди, аксинча, нима қилиб бўлса ҳам курашиш муҳим эканлигини чала "таҳлилчи"лардан яхшироқ билади.