Жаннат аҳлининг энг қуйи даражаси.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ Қиёмат куни одамларни жамлайди. Улар (бу ерда кўп туриб қолганликлари учун) «Раббимиздан ёрдам сўрасак, бу ўрнимиздан (ундаги даҳшатли кутиш машаққатидан) қутқарармиди…» дейишади. Кейин Одамнинг олдига бориб, «Сиз Аллоҳ Ўз қўли билан яратган, Ўз руҳидан пуфлаган, фаришталарга буюрган – улар сизга сажда қилган кишисиз. Шундай экан, Раббимизнинг ҳузурида бизни шафоат қилинг (бу ҳолатимиздан қутқарсин)», деб айтишади. У: «Сизларнинг (шафоат истаган) мақомингизда эмасман (бунга имконим йўқ)», деб ўзининг хатосини зикр қилади ва «Аллоҳ жўнатган биринчи расул – Нуҳнинг олдига боринглар», дейди. Унинг олдига боришади (ва шафоат қилишини сўрашади). У ҳам: «Сизлар (истаган) мақомда эмасман», деб ўзининг хатосини айтади ва «Аллоҳ ўзига халил қилиб олган Иброҳимнинг олдига боринглар», дейди. Унинг олдига боришади. У ҳам: «Сизлар (истаган) мақомда эмасман», деб ўзининг хатосини тилга олади ва «Аллоҳ (бевосита) гаплашган Мусонинг олдига боринглар», дейди. Унинг олдига боришади. У ҳам: «Сизлар (истаган) мақомда эмасман», деб ўзининг хатосини айтади ва «Ийсонинг олдига боринглар», дейди. Унинг олдига боришади. У ҳам: «Сизлар (истаган) мақомда эмасман. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига боринглар. Унинг олдинги ва кейинги гуноҳлари мағфират қилинган», дейди. Улар менинг олдимга келишади. Шунда мен Раббим ҳузурига изн сўрайман. Уни кўрганимда саждага йиқиламан. Аллоҳ Ўзи хоҳлаганча мени шундай қолдиради. Кейин: «Бошингни кўтар. Сўра, сўраганинг берилади; гапир, тингланади; шафоат қил, шафоатинг қабул этилади», дейилади. Бошимни кўтариб, Раббимга (ўша куни) менга ўргатадиган мақтовлар билан ҳамд айтаман. Кейин шафоат сўрайман. Менга муайян миқдорни белгилаб беради. Кейин уларни дўзахдан олиб чиқиб жаннатга киритаман. Кейин қайтиб, худди шу йўсинда, учинчи ёки тўртинчи (марта) саждага йиқиламан. Охири дўзахда Қуръон ушлаб қолганларгина (у ерда абадий қолишини хабар берган кишиларгина) қолади».
Бухорий (6565), Муслим (193/363).
🌙 @QuroniKarim_oyatlari 🌙