КИМ АЛЛОҲДАН ҚЎРҚСА...
Абу Жаъфар Дийнаварий айтади: "Миср амири Аҳмад ибн Тувлун қиличини ўйламасдан ишлатар эди. Унинг зиндонида ўлганлар сони ўн саккиз мингдан ошиқ эди.
Шайх Абул Ҳасан Бунон унга қаттиқ гапириб, яхши ишларга буюриб, ёмон ишлардан қайтардилар. Унинг ғазаби қайнаб, Шайхни шернинг олдига ташлашга амр қилди. Бу хабар бутун оламга тарқалди. Мен ўша кунларда улар олдида эдим. Амирнинг ўғли Хуморовайҳнинг қасридан шер келтирилди. Хуморовайҳ овга ишқибоз эди. Бирор водий ёки тўқайзорда йиртқичнинг хабарини эшитса, албатта, уни овлашни қасд қилар эди. Унинг махсус кишилари бўлиб, улар шерни тириклайин қўлга тушириб қафасга тиқишар эди. Шайх учун танланган шер энг йиртқич ва ваҳший эди.
Шайхни бир хонага қўйишиб, қафасдаги шерни бўшатиб юборишди. Ўзлари воқеани кузатиб туришар эди. Шер ўкириб Шайх томон келди. Шайхнинг ўлимига кўз очиб юмгунчалик вақт қолган эди. Ҳамма даҳшатда эди. Шайх эса ҳеч нарсага парво қилмас, сокин ва хотиржам эди. Шер келиб худди эгасига содиқ ит каби Шайхни бир ҳидлаб, нарироққа бориб ерга ётиб олди. Гўё бу тақво соҳиби ва шер ўртасидаги кураш эмас, балки Ибн Тувлун ва Аллоҳнинг иродаси ўртасидага жанг эди. Шер Аллоҳдан қўрқадиган зотни кўрди ва ундан қўрқди. Зеро, ким Аллоҳдан ҳақиқий қўрқса, ундан ҳамма нарса қўрқади.
Дийнаварий айтади: "Биз назаримизни шайхга қаратдик. У қовоғини уйиб фикрлар эди. Кейин уни шернинг олдидан чиқариб олишди. Унинг ҳолини ҳамма ўзича шарҳлар эди. Кимдир "Хавф унинг эсини олди", деди. Бошқа биров "У ақли билан ўлим сари йўналди" , деди. Учинчиси "У фикрнинг сокинлигидир. У жисмни ҳаракатдан тўхтатди", деди. Бир гуруҳ инсонлар эса "Ундаги тафаккурга ғарқ бўлиш шерни сеҳрлади" , дейишди. Хуллас, ҳамма ўз фикрини айтди. Шунда амир Ибн Тувлун Шайхдан: "Қалбингдан нима ўтди, нима ҳақида фикрладинг?" деб сўради. Шайх деди: "Менга ҳеч нарса бўлгани йўқ. Фақатгина шернинг сўлаги тозами ёки нажасми деб ўйладим?" деди.
Дўстларингиз билан улашинг!
imon.uz | YouTube | Telegram | Facebook