#савол_жавоб
- Ўзим билан ўзим гаплашадиган одатим бор. Кейинги вақтларда шу одатим кучайиб кетди. Психологга маслаҳат учун борган эдим, у бу одатдан қутулишим учун мутахассис ёрдами олишим зарурлигини айтди. Бундан хавотирга тушиб қолдим. Одамнинг ўзи билан ўзи гаплашиш одати чиндан ҳам муаммоми?
- Одамнинг ўзи билан ўзи гаплашишини одат деб атамаганимиз маъқул, чунки бу одат эмас, маълум бир вазиятларда юзага келадиган оддий реакциядир.
Ўзларининг хатти-ҳаракатларини кўп таҳлил қиладиган одамлар;
оиласида ўзини маънан ёлғиз ҳис қиладиган одамлар;
яхши бир суҳбатдошга муҳтож одамлар;
бир вақтнинг ўзида бир нечта фаолият тури билан шуғулланадиган, оз вақт ичида кўп нарсага эришишни истайдиган одамлар кўпинча ўзлари билан ўзлари гаплашадилар ва бунда ҳеч қандай муаммо йўқ. Яъни ўта табиий ҳолат бу.
Одамнинг ўзи билан ўзи мулоқот қилиши жуда муҳимдир, бу мулоқотнинг қандай шаклда бўлиши аҳамиятли эмас. Ўзингиз билан исталган усулда:
истасангиз баланд овозда, истасангиз пичирлаб, истасангиз ички диалог шаклида гаплашишингиз мумкин.
Бу ҳолат қачон муаммо ҳисобланади?
Қачонки ўзингиз билан бўлаётган суҳбатга хаёлот аралаша бошласа... Масалан, хаёлий кимдир сизга нима қилишингиз кераклиги ҳақида кўрсатмалар беришни бошласа, кўзингизга қандайдир шарпалар кўриниб, сизга буйруқ беришни бошласа, бу энди патология ҳисобланади. Бундай вазиятда психотерапевт билан маслаҳатлашишингиз лозим.
© Дилфуза Комил