Уйнинг иффати! (тўлиқ)
Кампир секин хонасидан чиқди. Залдан невараси ва келинининг овози эшитилди:
- Ўғлим, дастурхон тайëр, овқатингни солиб қўйдим, келиб еб ол, совуб қолмасин.
Кампир залга кирди, қишлоқдан олиб келган ëстиғига суяниб, секин ўтирди.
Бувисини кўрган бола: - Буви, келинг бирга овқатланамиз, деди.
Кампир маъноли шаклда уҳ тортиб:
- Уйнинг эркаги келмасидан олдин дастурхонга ўтирилмайди. Олдин даданг келсин, кейин бирга овқатланамиз иншооллоҳ, деди.
- Эээ бувижон, у замонлар ўтиб кетди. Ҳозир қорни оч бўлган дастурхонга ўтиради. У келгач ўзи еб олади, деди келин.
- Қизим, инсонларнинг одоби, ҳаëси, иффати бўлганидай уйларнинг ҳам иффати ва одоби бор.
Неваранинг сабри чидамай гапга аралашди:
- Бувижон, нима экан бу уйларнинг иффати... Тушунтириб беринг, мен қизиқиб қолдим, деди.
Кампир гапиришни бошлади:
- Биз кичик пайтимизда онамиздан олдин дадамизнинг қаршисида ўзимизни одобли тутишни ўрганардик. Ота-онамиз уйда пайтида оëғимизни узатиб ўтирмасдик, катталар гапираëтган пайтда гапириш учун навбат берилмагунча гапга аралашмасдик. Катталаримиз хонага кирганда дарров ўрнимиздан туриб, уларга ўтириш учун жой берардик. Дадамиз дастурхонга ўтирмагунча дастурхонга қўл узатмасдик.
Дадамиз келиб, “Бисмиллоҳ”ни айтар, “Қани олинглар” дерди. Шундан кейин ҳаммамиз овқат ейишни бошлардик. Овқат еб бўлгач, ака-укалар навбат билан овқат дуосини ўқирдик. Оилавий ейилган овқатдан лаззатли овқат борми бу дунëда? Бу дастурхон одобидир ўғлим.
- Бунчалик босим остида депрессияга тушмасмидингиз бувижон?
- Йўқ, бизнинг замонамизда ҳурмат бўлгани учун севги абадий эди. Севги бор бўлгач депрессияга тушган одам бўлмас эди. Овқатлар лаззатли, уйқулар ором берувчи эди. Биласанми, мен депрессия деган сўзни биринчи марта бу ерда эшитдим. Қишлоғимизда ҳамма “Иброҳим жинни” дейдиган биттаси бор эди. Ҳаттоки у шу даража бахтли одам эдики, буни тушунтириб бера олмайман.
Кеч киргунча болалар билан кўчада ўйнар, қорни оч бўлганда эшикни тақиллатиб, “Опа, оч бўлдим, овқат бер” дерди. Қайси эшикни тақиллатса ҳам бўш қайтмас эди. Сартарош сочини олар, ҳаммомчи ювинтириб қўярди.
Жума кунлари уни намозга олиб кетишарди. Уни ҳеч ким яккаламас эди. Ҳозир ҳеч бир нарсага ҳурмат қолмади. Ҳатто бу шаҳарда уйларга ҳам ҳурмат йўқ. Кеч кирганига қарамасдан ҳеч ким пардаларни туширмайди, уйнинг ичи кўриниб туради, лекин ҳеч ким уялмайди. Биз кун қорая бошлаши билан қалин пардаларни ëпар, кейин чироқ ëқардик. Ҳатто парда ëпиқ ҳолатда ҳам кийим алмаштиришга уялар эдик, олдин чироқни ўчириб, кейин кийим алмаштирардик. Ташқаридан соямиз кўриниши мумкинлигини ўйлаб юзимиз қизариб кетар эди.
Шу пайт келин ўтирган еридан турди, истар-истамас залнинг пардаларини ëпди.
- Уйнинг одоби пардаси ëпилиб ëпилмаганидан билинади, дер эди ота-боболаримиз.
Уйлар катта деворлар билан ўралган ҳовлиларнинг ичида бўлишига қарамасдан ҳеч ким ички кийимларини ўртада осиб қўймас эди, ҳатто уй ичидагилардан уялишарди. Мен кичкиналигимда иштонимни энг олд томондаги ипга осган эканман. Дарров онам келиб “Қизим, бугун даданг ҳовлига чиқди. Сенинг иштонинг осилиб турган эди. Уялганимдан ер ëрилмади ерга кирмадим. Бундан кейин бунақа жойга осма. Энг орқадаги ипга осиб қўй. Устига бир нарсалар ëпиб қўйки, остидаги кўринмасин.
Иффатимиз, одобимиз кетса, имонимиз қолмайди. Мен у пайтда 12 ëшларимда эдим. Онам менга бу гапларни айтаркан уялганимдан ерга кириб кетай дедим. Ҳозир шунақами? Ўтган кун озгина тоза ҳаводан нафас олай деб балконга чиқдим. Рўпарадаги қўшни ипга барча кийимларини осиб қўйган экан, уялганимдан уйга қайтиб кирдим.
Бугун овқатлар ташқарида ейилаяпти, “кўз ҳаққи” бўлаяпти, ҳеч ким буни эътиборга олмаяпти. Бозордан олинган нарсалар ҳар хил чиройли пакетларда уйга олиб келинаяпти, буни олишга қурби етадиганлар бор, қурби етмайдиганлар бор. Кўз ҳаққи бўлади бу ейиладиган овқатларда...
Ёрқиной хожи она
Биз билан бирга қолинг, болаликнинг ширин ҳотираларини биргаликда ёдга оламиз!
@otam_armonim