“Деразам ортида дунё порлайди,
Юксак орзуларим мени чорлайди.
Уйимдан гўзалроқ кўринар дунё,
Уйимдан суюкроқ кўринар дунё”.
Шундай дея неча аёллар охир,
Уйни кўчаларга алмашиб кетди,
Бахтни излай-излай, топганда барибир,
Бахти бечоранинг бошига етди.
Уйидан азизроқ кўринган дунё,
Чивиндек эзғилаб, заҳматга тиқди,
Заиф хилқатидан эр ясаб гўё,
Турфа муаммолар ичида йиқди.
Нафрат-у ғазаб-ла уйин эшигин,
Тамбалаб чиққанди кетмаси олди.
Йўлнинг ярмигача етгани чоғда,
Ўша эшикчага термулиб қолди.
Термулиб умри ҳам оқарди, худди
Оқаргандай сочи, аёл либоси,
Юксак орзуларга етганда билса,
Асли орзу экан уйнинг “ҳавоси”.
Болалар шовқини, кир-чир кийимлар,
Қозон-товоқлари экан орзуси,
Митти қўллар уни алқаб, эркалаб,
“Онажон” дейиши экан орзуси,
Шўргина, билмабди, унинг аслида
Орзуси эрининг ёнида бўлса,
“Ҳайҳот! Тўйдим! Чарчадим”, деса,
Эри — унинг ярим кўнглини олса.
Англаб етганида аччиқ орзуни,
Умри-ю, уйлари парокандадир,
Оппоқ сочларига настарин қадаб,
Қолган ҳаётига алла айтадир.
Дераза ортида алдамчи дунё,
Қанча аёлларни ром этиб ётар,
Айтай, дугонажон, сизга бир сирни,
Бу ёлғончи дунё ҳаммадан қолар.
©Умму Умайр