Ўзбекистон Суперлигасининг 21-туридан ўрин олган “Нефтчи” – “Навбаҳор” (2:2) жамоалари ўртасидаги “водий дербиси”дан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Виталий Левченко қатнашиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди.
Фарғоналиклар устози одатдагидек, ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.
- Учрашув икки жамоа учун ҳам қийин кечди. Таблодаги якуний натижа эса барчасини кўрсатиб турибди. Бугунги натижа икки жамоа учун адолатли бўлди.
- “Навбаҳор” ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юборганидан сўнг, устунлик қилди. Буни қандай изоҳлайсиз?
- Мен сизга такрорлайвериб чарчадим. Ҳеч қандай хавфли вазиятлар яратмай, тўпга эгалик қилишдан унчалик фойда йўқ. Рақиб дарвозага зарбалар бермаяптими, буни устунлик деб аташ нотўғри. Барчангиз футболни тушунасизлар, замонавий футболда натижа биринчи ўринга қўйилади. Чиройли футболдан маъно йўқ. Томошабоп ўйин намойиш этиб, аммо 0:5 ҳисобида мағлуб бўлишдан ҳеч қандай фойда йўқ. “Динамо” – “Навбаҳор” учрашувини кўрдингизми? “Навбаҳор” нечта тезкор ҳужумлар уюштирди, кўрдингизми? Якуний ҳисоб қандай бўлди? 1:0, “Навбаҳор” фойдасига. Ваҳоланки, наманганликлар 3:0 ёки 4:0 ҳисобида ҳам ғалаба қозонишлари мумкин эди. Реализация бу бошқа масала, яъни, индивидуал маҳоратга боғлиқ. Италия чемпионатини кузатиб борасизми? Италияда бутун ўйин давомида битта гол урилади ва қайсидир жамоа ғалаба қозонади. Мен футболни шундай тушунаман. Кўп вазиятларга эга бўлиб, улардан фойдаланмасликдан эса наф йўқ.
- Бугунги “водий дербиси” ўз номига яраша кескин курашлар остида ўтди...
- Дерби беллашувлари доимо жанговар руҳда кечган. Бундай ўйинларда футболчиларда ҳам эмоциялар юзага келади. Бунда совуққонлик ҳам муҳим роль ўйнайди. Дербидаги хатоларнинг қиймати жуда баланд туради.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.