#Биласизми
Логопед ким ва у қандай сифатларга эга бўлиши керак?
Логопед махсус ихтисосли билимларни эгаллаган бўлиши, логопед нутқ бузилишларини пайқаб олиши, уларни тузатиш ва бартараф этиш усули ҳамда методларини эгаллаган бўлиши, бундай нуқсонларнинг олдини олишга доир профилактик ишларни тартибга солинганлиги, нутқи заифлашган болаларни мактабгача тарбия ёшида ҳам, мактаб ёшида ҳам она тили бўйича ўқитишнинг махсус методларини қўллай олиши, ғайритабиий нутқли болаларнинг муҳим психик хусусиятларини билиши, уларни тарбиялаш усули ҳамда методларини эгаллаган бўлиши керак.
Болаларни ўқитиш, тарбиялаш ва уларнинг бузилган нутқлари юзасидан олиб бориладиган ишларнинг самарадорлигига эришиш учун логопеднинг шахси биринчи даражали аҳамият касб этади.
У қуйидаги асосий сифатларни ўзида намоён этади:
касбига қизиқишлик;
болаларни севиш, ўзига ва атрофдагиларга талабчанлик;
педагогик ижодий хаёл ва кузатувчанлик;
самимийлик, камтарлик, масъулиятлилик, сўзда ва амалда қатъийлик ҳамда изчиллик.
Логопед илғор тажрибаларни умумлаштириб болаларнинг нутқини тузатишнинг энг яхши воситалари бўйича изланиш олиб бориши керак.
Логопед эгаллаб олиши лозим бўлган малакалар кенг ва турличадир:
ўқув-билиш (адабиётлар билан ишлаш, болани кузатиш, педагогик жараённи моделлаштириш, тузатиш - тарбиялаш орқали таъсир этишнинг самарали йўлларини танлаш ва бошқалар);
ўқув-ташкилий (муқобил ва календар режалаштириш, якка тартибда ва гуруҳли машғулотлар ўтиш, жиҳозларни яратиш, кенг қамровли таъсир этишни таъминлаш ҳамда бу қамровда иштирок этиш ва бошқалар);
ўқув-педагогик (ҳар бир воқеани таҳлил қилиш, тузатишнинг айнан бир хил воситаларини танлаш ва ҳоказо).
Бундан ташқари, логопеднинг иши деонтология тамойилларига қатъий амал қилишга асосланиши керак. Педагогик деонтология педагогик этика ва эстетика, педагоглик бурчи ва педагогик одоби ҳақидаги таълимотларни ўз ичига олади. Унга амал қилишда логопеддан нутқида камчилиги бор боланинг ота-оналари психологиясини тушуниши ва улар билан бир қаторда қайғуриши талаб қилинади.
Логопед маълумот тўплашда эҳтиёткорлик қилиши, нутқ бузилишларининг ташқи кўринишини ва уларнинг моҳиятини ҳисобга олиши керак.
Логопед ва болалар муассасаси шифокори, логопед ва тарбиячи, логопед ва педагог ўртасида ўрнатиладиган ўзаро тўғри муносабатлар педагогик дэонтологиянинг муҳим шарти ҳисобланади.
Бизга қўшилинг👇
@maktabgacha_talim