ЯХШИ ҚАЙНОНА
Қизим дейди келинин,
Амали соз қайнона,
Фариштали,бежирим,
Кўкси ҳам ғоз қайнона.
Битта ширин сўз билан,
Жон жойига уради,
Келин ҳам лаббай дебон
Таъзим қилиб туради.
Ёмонламас келинни,
Қўни қўшни ёнида,
Ғийбатга қўшилмайди,
Ғийбат йўқдир қонида.
Ўтирса ўпоқ демас,
Турса демайди сўпоқ,
Ҳадеб майда,майдалаб,
Қилавермайди сўроқ.
Бекаму кўст,ҳотиржам,
Имони зўр қайнона,
Бўлмайди у сира ҳам,
Манглайи шўр қайнона.
Она дер қайнонасин,
Яхши келин ой келин,
Тўғри сўз тили ширин,
Иффатларга бой келин,
Елиб югурар доим,
Асло бош қашимайди,
Икки уй аро сира,
Гап сўзни ташимайди.
Сариштали, ҳур,тоза,
Юзи ой,тўлинлари,
Жаннатларга дарвоза,
Ўзбегим келинлари.
Ширинсўз,кўнгли дарё,
Меҳр тўла дилида,
Аслида ёмони йўқ,
Ўзбекистон элида.
Келинни қизим деган,
Қайноналар бор бўлсин,
Яхши қайноналарга,
Ҳуш келинлар ёр бўлсин.
©Хуршид Карим