БУ КЕЛИШУВ ЖОИЗМИ?
#савдо
❓1357-CАВОЛ: Бир киши менга “Сизга пул бераман. Сиз шу пулга деҳқончилик қилинг. Ҳосил пишиб, сотилгандан кейин мен тиккан пулимни ажратиб оламан, қолганини 50/50 қилиб бўлишамиз”, деб таклиф берди. Шундай ҳолатда келишиб ишласам бўладими?
💬ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Сизларнинг бу келишувингиз “Музораба” шартномаси бўлиб, бунинг баёни фиқҳ китобларида қуйидагича келтирилади:
هي عقد شركة فى الربح بمال من رجل وعمل من الآخر
“Музораба бир кишидан мол ва бошқасидан иш ўлароқ фойдада шерикчилик битимидир" ("Ихтисорур ривоя" китоби).
Музорабада пул бир томондан хизмат иккинчи томондан бўлади. Сармоя эгаси ишчи билан келишиб, пулни унга беради. Тушган фойда келишувга асосан муайян нисбатларда тақсимланади. Масалан: “Фойданинг ярми меники, ярми сеники ёки учдан бири меники, учдан иккиси сеники ва ҳоказо.
Агар иш зарар билан чиқса, пул тиккан пулига, меҳнат қилган меҳнатига куяди. Меҳнат қилувчи томонидан нуқсонга йўл қўйиш ёки хиёнат бўлмаса, зарарни у тўламайди. Акс ҳолда у зарарни тўлаб беради.
Музорабада пул берувчи: “Сенга қанча пул берган бўлсам, нима бўлган тақдирда ҳам шу пулимни тўлиқ қайтарасан ёки ҳар ой фалон сўм фойда бериб турасан”, деса музораба бузилади.
Сиз айтган шаклдаги келишув, агар бошқа шартлар қўшилмаган бўлса, жоиз ҳисобланади.
Шерикчиликнинг ҳар қандай кўринишида томонлар ўзаро келишган битимининг ҳамма тафсилотини гувоҳлар иштирокида ёзиб имзолаб қўйишлари тавсия қилинади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Улашинг: @fargoniyuz