Замонамизнинг мужтаҳид олимларидан бири Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ 1943 (ҳижрий 1326) йил Ҳиндистоннинг Саҳаронпур шаҳридаги Девбанд қишлоғида дунёга келди. Машҳур нақлга кўра, бу оиланинг насаби учинчи халифа Ҳазрат Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга бориб етади.
Муҳаммад Тақий Усмоний дастлабки илмларини ота-онасидан олган.
Муҳаммад Тақий Усмонийнинг юксак илм чўққиларини эгаллашида отаси Муҳаммад Шафи раҳимаҳуллоҳнинг улкан ҳиссаси бор.
Муҳаммад Тақий Усмоний таълимни саккиз ёшида отаси Муҳаммад Шафи Карачида қурдирган “Дорул улум” мадрасасида бошлади. Бу ерда тафсир, ҳадис, калом, фиқҳ, фароиз каби классик Ислом илмларини яна араб тили ва адабиётини ўқиди. Ўн олти ёшида ушбу таълим даргоҳини имтиёзли шаҳодат билан тамомлаган биринчи битирувчилардан бўлди.
Муҳаммад Тақий Усмоний 1964 йилда Карачи университетининг “Ҳуқуқ, иқтисод, сиёсат”, 1967 йилда шу олийгоҳнинг “Ҳуқуқ”, 1970 йилда Панжоб университетининг “Араб адабиёти” бўйича олий дипломини қўлга киритди.
Тақий Усмоний Ислом иқтисоди бўйича дунёнинг энг етук мутахассиси саналади. Исломий банк соҳасига доир бир қанча ташкилотлар аъзосидир. Хусусан, Покистон Ислом иқтисодиёти раиси, Жидда шаҳридаги Саудия-Америка Банкининг шаръий ҳайъати раиси, Нью-Йорк Ислом Кенгашининг шаръий қўмитаси раиси, Баҳрайн City банкининг шаръий қўмитаси раиси лавозимларида фаолият олиб борган.
Бундан ташқари, “Swiss Re Takaful” (Швецария), “Dow Jones Index” (Нью-Йорк), “Commission for Islamisation of Economy of Pakistan”, “Centre for Islamic Economics” (Покистон), “HSBC Amanah Finance Dubai” каби ташкилотлар аъзоси ҳисобланади.
Ҳозирда Тақий Усмоний “Дорул улум” университети ректори ўринбосари, шунингдек, Ислом олами бирлиги ташкилоти қошидаги Ислом фиқҳи академияси, Европа фатво ва тадқиқот Қўмитаси ва бошқа кўплаб ташкилотларнинг раиси ва аъзоси сифатида фаолият олиб бормоқда.
@Alfardiy